Ўзбекистонда «Обод маҳалла» дастури ижроси доирасида пойтахт маҳаллалари ободонлаштирилмоқда, деб ёзади ЎзА.
29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги бир қатор ижтимоий объектлар, аҳоли турар жойларига ташриф буюриб, у ердаги ҳолат билан яқиндан танишган эди. Маҳаллалар қиёфасини янгилаш мақсадида қабул қилинган «Обод маҳалла» дастури доирасида Иброҳим ота маҳалласидаги кўп қаватли уйлар, кўча ва йўлаклар таъмирланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда.
Бу каби саъй-ҳаракатларни барча маҳаллаларда ҳам кенг кўламда ташкил қилиш, туманнинг янги маркази — Олмазор cитйъни барпо этишда давлат ва жамоат ташкилотларининг фаоллигини ошириш мақсадида Олмазор тумани ҳокимиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва депутатлар томонидан йиғилиш ўтказилди.
Унда иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ишламаётган заводларни тиклаш, янги корхоналар ташкил этиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада ошириш юзасидан топшириқлар берилиб, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган қатор вазифалар муҳокама этилди.
Жумладан, депутатлар иштирокида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, имом-хатиблар, таълим муассасалари раҳбарлари билан бирга маҳаллаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, аҳолининг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш кераклиги тушунтирилди.
Йиғилишда тумандаги мутасадди раҳбарларга тўй ва бошқа маросимларни ихчам, ортиқча дабдабаларсиз ўтказиш борасида тушунтириш ишлари ўтказиш топширилди.
Маҳаллалардаги ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш, савдо дўконлари, сартарошхона, тикувчилик цехларига ёшларни ишга қабул қилиш, бўш турган бинолардан унумли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)