2 июль, душанба куни Мусулмонлар идорасида Буюк Британиянинг Кембриж Марказий Осиё форуми раиси, профессор Сидхарт Саксена билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Халқаро ислом академияси проректори Б.Мамадиев, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари Д.Расулов ва шарқшунос олим С.Ғуломовлар иштирок этдилар.
Учрашувда ўзбекистонлик тадқиқотчилар мақолаларини Кембриж илмий журналларида нашр қилиш бўйича фикр алмашилди. Кембриж университетида фаолият юритаётган «ўзбек тили» курслари тингловчилари учун ўқув қўлланмалар тайёрланаётгани маълум қилинди. «Бухоро яҳудийларининг тарихи», «Самарқанд ва Бухоро мадрасалари» ва «Маҳдуми Аъзам қабридаги ёдгорлик ёзувлари каталоги» мавзуларида ҳамкорлик қилиниши айтиб ўтилди.
Професссор С.Саксена Ўзбекистонда кўп маротаба бўлгани, лекин ҳар галги ташриф унга янгича таассурот беришини таъкидлади. У келишилган барча тадбирлар бўйича Кембриж университети томони аниқ режа ишлаб чиққани ва унинг босқичма-босқич бажарилаётганини маълум қилди.
Йиғилиш сўнггида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Сидхарт Саксена «Ҳазрати Имом» мажмуасини зиёрат қилди.
Изоҳ (0)