Июнь ойи давомида Ўзбекистон темир йўл тармоқларида аҳоли учун хизматлар тарифлари нархларида жиддий ўзгаришлар кузатилмади ва бор йўғи 0,3 фоизлик ўсиш ҳолати қайд этилди. Бу эса, ўз навбатида, умумий истеъмол нархлари индексига 0,1 фоиз даражада таъсир этди, деб ёзади ЎзА.
Нарх тарифларининг нисбатан барқарор суръатларда ошиб бориши қаторида йўловчи ташиш транспорти хизматлари нархи ўртача 1,4 фоиз ва маиший турдаги хизматлар эса 0,4 фоизга қимматлашди.
Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори асосида жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳудуд бўйича шаҳар автобус транспортида йўл ҳақи 66,7 фоизга оширилди. Хоразм вилояти ҳокимининг қарорига асосан эса вилоят бўйича шаҳар автобус транспорти хизматлари 42,9 фоиз ҳамда йўналишли такси хизматлари нархи 11,1 фоизга кўтарилди. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳудудида ҳам йўналишли такси хизматлари ўртача 9,4 фоизга қимматлашган.
Шунингдек, маҳаллий транспорт поездлари учун йўл харажати ҳужжатлари нархининг ошиши ва Швейцария франкининг сўмга нисбатан бироз ошиши ҳисобига темир йўл транспорти хизматлари нархлари бироз кўтарилди.
Еврога нисбатан миллий валютамиз курсининг мустаҳкамланиши натижасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК чипталари нархлари бирмунча арзонлашди.
Изоҳ (0)