Наманган вилояти Норин туманида республика 3-ишчи гуруҳи томонидан «Полвонқўл», «Шаҳидмозор», «Шўрариқ» ва «Қозоқовул» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ижтимоий-маънавий ҳолат атрофлича ўрганилди. 2300 хонадонда 12 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. 1 920 хонадонга кирилганда 1 139 та муаммо қайд этилган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Лазиз Раҳматов хабар бермоқда.
Ўрганишлар чоғида йўлларнинг аҳволи анчайин танглиги ойдинлашди. «Полвонқўл» маҳалласида «Ойбек» ва «Зулфия» кўчаларининг жами 9 километрлик, «Шаҳидмозор» маҳалласида эса «А.Навоий», «Ж.Турғунов», «Мустақиллик» ва «Ўзбекистон» кўчаларининг 5,5 километрлик, «Шўрариқ» маҳалласида «Истиқлол», «Қўшчинор», «Мустақиллик», «Юксалиш» кўчаларининг 7,5 километрлик, «Қозоқовул» маҳалласининг «К.Исақов» ва «М.Ҳасанов» кўчаларининг 1,8 километрлик қисмини шағаллаштириш ва асфальт қоплама қилиш лозимлиги аниқланди. Шағаллаштириш ишлари дарҳол бошлаб юборилди, шундан кейин асфальт ётқизишга ўтилади.
«Полвонқўл»даги «Ойбек» кўчасига 2 километр, «Зулфия» кўчасига 3 километр, «Шаҳидмозор» маҳалласидаги «А.Навоий» кўчасига 2 километр, «Мустақиллик» кўчасига 500 метр, «Шўрариқ» маҳалласидаги «Қўшчинор» ва «Мустақиллик» кўчаларига 600 метр, «Қозоқовул»даги «М.Ҳасанов» кўчасига 500 метрга тенг юзга яқин темир-бетон таянчлар ўрнатиш ва электр тармоқларини тортиш лозим.
«Қозоқовул» ва «Шўрариқ» маҳаллалари аҳолиси сони кўпайганлиги ва янги томорқаларга кўчиб чиққани сабабли «М.Ҳасанов» кўчасига ўрнатилган янги трансформаторни эҳтиёт қисмлари билан тўлиқ таъмирлаш, «Истиқлол», «Янги ҳаёт» ва «Обод диёр» кўчаларида янги трансформатор пунктини ўрнатиш керак.
Ушбу муаммолар ечими бўйича аниқ ишлар бошлаб юборилган, уларни имкон қадар жойида ҳал қилишга ҳаракат қилинмоқда. Муайян вақт талаб қиладиган йирик муаммолар эса «Йўл хариталари»га киритилмоқда.
Изоҳ (0)