«Пойтахт» бизнес марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан «Сирдарё вилоятида оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишлар ҳолати бўйича тадқиқот ва таҳлил натижалари» мавзусидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ходимлари, экспертлар, психологлар ва журналистлар иштирок этди.
Тадбирда айтилишича, 2017 йил вилоятда 1 095 никоҳдан ажрашиш расмий қайд этилган бўлиб, бу 2016 йилга нисбатан 21 фоизга кўп. Ушбу кўрсаткич Ўзбекистон миқёсида энг юқори ҳисобланади. 2012—2016 йилларда республика бўйича ажримлар сонининг ўсиши 58 фоизни ташкил қилган бўлса, Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 83 фоизга етган.
Ишчи гуруҳ томонидан олиб борилган илмий-амалий тадқиқотлар натижаларига кўра, 22,5 фоиз оилада эр-хотин ўртасида бир-бирини тушуниш, тотувликнинг йўқлиги, 15,6 фоизида фарзандсизлик, 15 фоизида эр-хотин шахсий ҳаётига бошқаларнинг аралашуви ҳамда улар ўртасидаги ўзаро можаролар, 11 фоизида сурункали ичкилик ажримларга асосий сабаб бўлган.
Тадбир сўнгида келгусидаги вазифалар, амалга оширилиши мўлжалланаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди, журналистлар саволларига жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)