Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Олимжон Рустамов маъруза қилди, деб ёзади ЎзА.
Қайд этилганидек, 2017 йилда Ҳисоб палатаси томонидан 70 га яқин таҳлилий ўрганиш ва назорат тадбири ташкил этилиб, унинг 49 таси бевосита жойларда, қолгани вазирлик ва идораларда ўтказилган.
2018 йил Давлат бюджети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқишда Ҳисоб палатаси томонидан таклифлар тайёрланган ва Молия вазирлигига тақдим этилган. Ушбу таклифлар асосида бюджет даромадлари прогнози 1,4 триллион сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Давлат бюджетининг республика ва маҳаллий даражадаги шаклланиши ҳамда унинг ижроси юзасидан назорат ўрнатилиб, давлат маблағларининг қонуний, мақсадли, самарали сарфланиши бюджетдан молиялаштирилувчи вазирлик ва идоралар мисолида ўрганиб чиқилди.
Назорат тадбирлари натижасида жами 37 миллиард сўмлик ва 7 миллион долларлик ноқонуний ва самарасиз харажатлар ҳамда 270 миллиард сўмлик қўшимча даромад манбалари аниқланган.
Сенаторлар давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш, бюджет даромадлари манбаларидан тўлиқ фойдаланиш, жойлардаги секторлар раҳбарларининг иш фаолиятига баҳо бериш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси устидан назоратни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Президент қарорлари ва фармойишларидаги топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама якуни бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳ (0)