Республика ишчи гуруҳи ўрганишлар чоғида «Кўкмозор» маҳалла фуқаролар йиғини Зебо Холиқова кўчаси 39-уйда жойлашган Наманган вилояти ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси Норин педагогика коллежи Ахборот ресурс марказига қарашли 2-сонли филиал биносининг қаровсиз ва ташландиқ ҳолда ётганига гувоҳ бўлди, деб ёзади ЎзА.
Собиқ дала шийпони ўрнида ташкил этилган кутубхона 2006—2013 йилларда Норин тумани ахборот ресурс маркази ихтиёрида бўлган. Аввалига битта мудир ва бир нафар ёрдамчи ишлаган. 6 528 дона китоб фонди ҳам бўлган. Аммо улардан ҳозир асар ҳам йўқ.
«Кўкмозор» маҳалласи хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Марямхон Исманованинг айтишича, кутубхона 3—4 йилдан буён умуман ишламайди. Эшиклар ҳам мих билан қотириб ташланган. Ваҳоланки, 16 минг фуқаро яшайдиган атрофдаги 6 та («Кўкмозор», «Қўрғонча», «Шоҳидон», «Кемабоши», «Марғизор», «Тошқин») маҳаллада бирорта ҳам маърифат ўчоғи йўқ.
Коллежнинг Ахборот ресурс маркази раҳбари Муқаддас Ёдгорованинг ойдинлик киритишича, 2006 йилда филиаллар унинг балансига ўтганида жами 18 нафар кутубхоначи ишлаган. Ҳар йили штатларни оптималлаштириш жараёнида улар сони қисқариб бораверган. Ҳозирда АРМида тўрт нафар ходим ишламоқда. Оқибатда штат қисқаргач, кутубхона ҳам қаровсиз қолган. Китоблари эса туманда янги ташкил қилинган кутубхоналарга бериб юборилган. Ҳозир ушбу коллеж кутубхонасида ҳам кўп эмас, жами 7 281 та китоб бор. Уларнинг олти юздан ортиғи бадиий китоблардир.
Аниқланишича, коллежда ўқувчилар сони эса 742 нафар. Бир нафар ўқувчига битта ҳам бадиий китоб тўғри келмайди. 2012—2015 йилгача жами 312 та бадиий китоб дарсликлар билан бепул келтирилган. 2018 ва 2016 йилларда коллеж бирорта китоб олмаган. 2017 йилда 13 та бадиий адабиёт қабул қилинган.
Норин тумани халқ таълими бўлими кутубхоналар бўйича методисти Жаннатхон Ҳакимованинг айтишича, Ёшлар Иттифоқи билан ҳамкорликда шу йил апрель ойида туман фермерлари ташаббуси билан Норин туман марказида (2 744 дона), «Қозоқовул» (2 300 дона) ва «Тошлоқ» маҳалласида (3 300 дона), «Тўда» маҳалласида (1 700 дона) жами 4 та янги аҳоли китобхонаси очилган. Коллеж филиалларидаги 40 минг китобнинг чириб, сарғайиб, бир-бирига ёпишиб кетган, яроқсиз ҳолатга келиб қолганлари далолатнома қилиниб, ташлаб юборилган.
Норин тумани ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри филиали мутахассиси Ботир Холмирзаев эса бино узоқ йиллардан буён ҳеч кимнинг балансида эмаслигини билдирган.
Ишчи гуруҳи маҳалладан тадбиркор топиб, бу ерда китоб дўкони ёки кутубхона ташкил қилишга тавсия берди.
Изоҳ (0)