26 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда Ҳаракатлар стратегияси асосида ижтимоий ҳамда иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллиги таъминланиши учун ҳуқуқий асослар яратишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди, деб ёзади ЎзА.
Депутатлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси томонидан Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида қабул қилинган «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясининг мазмун-моҳиятига тўхталди.
Шундан сўнг депутатлар мажлис кун тартибига киритилган масалаларни кўриб чиқишга киришди. Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, амалдаги тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган, шунингдек, соҳага оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Тадбиркорлик субъектларининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.
Қонун лойиҳаси билан хусусий мулк ҳуқуқи, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик қилиш ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш, умуман, қонуний тадбиркорлик фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш белгиланмоқда.
Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Микромолиялаш тўғрисида»ги ҳамда «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан микромолиялаш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шу жумладан, микромолиялаш хизматлари бўйича тўловларни асоссиз равишда оширишга йўл қўймаслик бўйича меъёрларни жорий қилиш назарда тутилган. Киритилаётган ушбу қоидалар микромолиявий хизматлар истеъмолчилар зиммасига тушадиган қарз юкини камайтириб, тўлов қобилиятини яхшилайди ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим рол ўйнайди.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Agrosаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам қабул қилди.
Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)