Тошкент шаҳрининг қоқ марказида Tashkent City — шаҳар ичида дунё стандартлари даражасидаги ҳар томонлама мукаммал ва ноёб кўринишдаги бинолардан ташкил топган шаҳарча бунёд бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Шаҳарча 90 гектардан ортиқ майдонда жойлашган бўлиб, асосий лойиҳа чизмаларига кўра саккизта лот, яъни алоҳида майдонларга бўлинган. Бу ерда элит меҳмонхона ва офислар учун бизнес марказларидан ташкил топган олтита баланд бино, шунингдек аҳоли яшовчи турар жой бинолари ҳисобланувчи 20 га яқин қурилиш иншооти мавжуд бўлади.
Осмонўпар бинолар баландлиги 22 дан 43 қаватгача бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистонда бундай баландликдаги иморат илк маротаба айнан Tashkent City’да бунёд бўлади.
Қайд этиш керакки, асосий лойиҳа ўз тасдиғини топган бўлса-да, саккизта лотнинг фақатгина 1, 5, 7-лотлари архитектура кўриниши бўйича мутахассислар тасдиғини олган. Қолганларига яна ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ўзгача кўриниш ва қулайлиги бўйича ҳар томонлама мукаммал бўлган бино лойиҳаларида асосан Туркия, Италия каби хорижий ҳамкорлар билан бирга иш олиб борилмоқда.
«Олти ой давомида жадал ишлар олиб борилаётган мазкур лойиҳани аввало танлаб олгунимизча анча вақт кетди. Бу жуда мураккаб масала. Зеро, биз кўзда тутган Tashkent City шаҳарчасидаги ҳар бир бино ўзининг такрорланмас, замонавий кўринишда ва ҳар томонлама қулай, замон талабларига мос, инновацион ютуқларига эга бино бўлиши шарт. Аввало қоғозлардаги чизмалар ўз тасдиғини топгач макетларга кўчирилади. Унинг ҳам устида ишлаб бўлингач чизмаларни реалликка олиб чиқиш учун қурилиш ишларини бошладик.
Шахсан мен 1997 йил Ўзбекистонга келган бўлсам, мазкур иш олиб бораётган лойиҳа ҳаётимдаги энг мураккабидир. Демакки, жуда катта масъулият ва ҳаяжон мени тарк этмаяпти. Бу ерда ҳар бир инсоннинг ўз иши бор, биргаликда ҳаракат қилмоқдамиз. Катта натижага эришамиз деган умиддаман», — дейди бешинчи лот бош архитектори Эркадир Ўздемир.
Бешинчи лотда кундузи 730, кечки сменада 220 нафардан зиёд қурувчи иш олиб бормоқда. Қурувчилар учун шароитлар муҳайё этилган. Тиббиёт пункти, 600 ўринга мўлжалланган ошхона бўлими, омборхона майдони, хавфсизлик қисмлари ишчилар хизматида.