19 июнь, сешанба куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) қошидаги Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курси тингловчилари орасида якуний имтиҳон ўтказилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Имтиҳон якунларига кўра, энг яхши тингловчилар кириш имтиҳонларини топширмай IUT талабаси бўлиш имконини қўлга киритди.
Узлуксиз таълим маркази ёшларни олий ўқув юртларининг кириш имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Марказда математика, физика ва инглиз тили ўқитилади. Ҳар 3 ойда тингловчилар оралиқ назорат иши топширади ва ундан муваффақиятли ўтган тингловчиларгина ўқишни давом эттиради.
— 2017 йилнинг сентябр ойида 460 га яқин ёшлар 1 ва 2 йиллик тайёрлов курсларига рўйхатдан ўтди ва уларнинг 150 нафаригина якуний имтиҳонларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди, — дейди Узлуксиз таълим маркази менежери Дилшод Соатмуродов. — Бу бизнинг битирувчилар сонига эмас, таълим сифатига эътибор бераётганимиздан дарак беради.
Тайёрлов курсларининг якуний имтиҳонлари математика ва физика фанларидан ўтказилди. Университетнинг «Логистика» факультетига ўқишга кирмоқчи бўлган тингловчилар фақатгина математика фанидан имтиҳон топширди. Ҳар бир фан учун 1 соат вақт ажратилди.
Якуний имтиҳонда 60 фоиздан юқори балл тўплаганлар, шунингдек, энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин олганлар университет талабасига айланади. Улар университетнинг кириш имтиҳонларида қатнашиб, грант ўринлар учун курашиши ҳам мумкин.
Талаба бўлиш имконини қўлга киритган лицей ва коллежларнинг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари таълимни якунлаб, диплом олгандан сўнг университетга қабул қилинади.
Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида университетнинг кутиш залида имтиҳон жараёнининг тўғридан-тўғри узатилиши ташкил этилган. Ота-оналар имтиҳонларни онлайн режимида кузатиш имконига эга бўлган.
Изоҳ (0)