Москва марказидаги тротуарда пиёдаларни уриб кетган таксичи Чингиз Анорбек ўғли ўз қилмишидан пушаймон. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Барчаси учун узр сўрайман. Икки кун ухламадим. Оиламни боқиш учун пул топишимга тўғри келди. Нима содир бўлганлигини ўзим ҳам тушунмадим, тўйиб ухламасликдан чарчаганлигим учун газнинг педалини адаштириб юбордим. Айбимни тўлиқ тан оламан ва жабрланганлар ва уларнинг қариндошларидан узр сўрайман», — деди Чингиз Анорбек ўғли.
Қирғизистондаги Жалолобод шаҳрининг 38 ёшли фуқаросининг сўзларига қараганда, таксида ишлашдан аввал у олти йил давомида ошпазлик қилган.
Тергов таксичига эҳтиёт чораси сифатида 2 ой давомида қамоқхонада сақлашни сўради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москва марказида таксининг оломон устига бостириб бориши оқибатида 8 киши яраланганлиги ҳақида хабар берилган эди.