Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали кимларнинг Ўзбекистондан чиқиши тақиқланганини изоҳлади.
Амалдаги қонунчиликка кўра қуйидаги сабаблар чет элга бориш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлиши мумкин:
а) агар шахс давлат сири ҳисобланган маълумотлардан воқиф бўлса ёки унинг чет элга боришига монелик қилувчи шартнома мажбуриятлари бўлса — бу ҳолатларнинг амал қилиши тугагунга қадар;
б) агар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса — иш бўйича якуний қарор қабул қилингунга қадар;
в) агар шахс суднинг ҳукми билан алоҳида хавфли рецидивист деб тан олинган ёки ички ишлар органларининг маъмурий назорати остида бўлса — судланганлик бекор қилинмагунга қадар ёки назорат қилиш тўхтатилгунгача;
г) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса — мажбуриятлар ижро этилгунга қадар;
д) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни берган бўлса;
э) агар судда шахсга нисбатан фуқаролик даъвоси қўзғатилган бўлса — иш кўриб чиқилгунга қадар;
ж) агар шахс чақириқ участкасида рўйхатга олинган ва ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлса — ҳақиқий муддатли хизматни ёки сафарбарлик чақируви захирасидаги хизматни ўтагунга қадар;
з) агар шахсга нисбатан Ички ишлар вазирлигида ёки Ташқи ишлар вазирлигида шахснинг чет элда бўлган вақтда ўша мамлакат қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлса — ахборот ҳисобга олинган кундан бошлаб икки йил ўтгунга қадар.
Шунингдек, коммунал хизматлар бўйича энг кам иш ҳақининг икки бараваридан ортиқ қарздорлиги бўлган кишиларнинг хорижга чиқиши тақиқланади. Давлат ижрочисининг қарздорнинг хорижга чиқиш ҳуқуқларини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори ижро этилиши шарт. Тақиқ суд ёки давлат ижрочиси томонидан қонунда белгиланган тартибда тўхтатилади. Қарорнинг ижроси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат чегарасини қўриқлаш органлари томонидан муҳокама қилинишига, тўхтатилишига ёки бошқача тарзда тўсқинлик қилинишига йўл қўйилмайди.
Яқин орада чет элга сафар қилишни режалаштираётган шахслар барча қарзларини тўлаганлигига амин бўлиши лозим. Тақиқ бор-йўқлигини эса олдиндан текшириб кўриш мумкин.
Изоҳ (0)