1 июлга қадар Тошкент, Нукус ва вилоят марказларининг барча компаниялари онлайн-кассаларга ўтиши лозим. Бу президентнинг 2017 йил 29 сентябрь кунги қарорида кўзда тутилган, деб ёзади Spot.
Йил бошида онлайн кассаларини синовдан ўтказиш бўйича пилот лойиҳа ишга туширилиб, лойиҳа давомида тадбиркорларга мингга яқин онлайн-касса тарқатилган.
«Фискал хотирали назорат-касса машиналарининг жорий этилиши савдо қоидаларини яхшироқ тартибга солиш ва солиқ назоратини автоматлаштиришга ёрдам бериб, бу жараёнлар шаффофлигини ошириши лозим», — дейилади Давлат солиқ қўмитасининг хабарида.
Бундай кассалар чекларида харид қилинган товарлар рўйхати, унинг нархи, миқдори, чек ва касса аппаратининг рақами, иш сменаси рақами, қўшимча қиймат солиғи суммаси кўрсатилади. Операциялар ҳақидаги маълумот эса солиқ хизмати органларига автоматик равишда юборилади.
Интернет сифати ёмон бўлган алоҳида минтақаларда маълумотлар автоматик режимда SMS тарзида узатилади. Пилот лойиҳа 1 июль куни якунланади. Компания онлайн-кассасиз ишлашда давом этаётганлигининг аниқланиши жавобгарликни кўзда тутувчи қонунбузилиши сифатида кўриб чиқилади.
1 декабрдан эса нафақат барча компаниялар, балки Ўзбекистон ҳудудидаги барча жисмоний шахслар онлайн-кассалар билан ишлаши шарт. Қонунчиликка кўра, нақд пул ҳисоб-китобларини кассалардан фойдаланмасдан амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган, шунингдек, телекоммуникациялар билан қамраб олинмаган чекка пунктларда ишловчи компаниялар бундан истисно.
Изоҳ (0)