Швециядаги Эскильстуна шаҳри кенгаши махсус рухсатномасиз тиланчилик қилишни тақиқлади, деб ёзмоқда The Local.
Аввалроқ мамлакат кўчалари Европалик муҳожирлар билан тўлиб кетгани хабар қилинган эди. Маълум қилинишича, тиланчиларнинг асосий қисми — Руминиядан келган лўлилардир. «Вазият ниҳоятда оғир. Одам тиланчилик қилишга мажбур бўлмаслиги керак» — дейди вазир Асу Регнер.
Сўллар, яшиллар, либераллар ва христиан демократлар қонун лойиҳасига қарши овоз берди. Социал-демократлар, марказчилар, миллатчилар ва консерваторлар эса аксинча таклифни қўллаб-қувватлади.
Қонун округ маъмурий кенгаши томонидан бекор қилинмаган тақдирда октябрдан бошлаб кучга киради.
2018 йилнинг февралида тиланчилик бутунлай тақиқлаш тўғрисидаги қарор Веллинг шаҳрида қабул қилинган, бироқ кейинчалик шаҳар кенгаши томонидан тақиқ бекор қилинган.
Эскилстуна шаҳри кенгаши аъзоси Жимми Янссоннинг фикрича, тиланчиликни бутунлай тақиқлашдан кўра, уни чеклаш тўғрироқдир. Негаки шундай қилинса, ўзини муҳтож қилиб кўрсатаётган фирибгарлар фош қилинади. Чиндан ёрдамга муҳтож кишилар эса хайрия фондларига мурожаат қилиш ва кўмак олиш имконига эга бўлади. Швеция бош вазири Стефан Леван таклифга нисбатан қизиқиш билдирган.
Тиланчилик қўшни мамлакатлар — Норвегия ва Данияда аллақачон тақиқланган. Швецияда эса бир неча йиллардан буён тақиқ жорий қилиш масаласи кўтарилмоқда, бироқ таклифлар ҳозирча тасдиқланмади.
Изоҳ (0)