Ноябрь ойида Калифорнияда штатни учта янги штатга бўлиш ҳақидаги референдум бўлиб ўтади. Бу ҳақда Калифорния маъмурияти баёнотига таяниб, The Sacramento Bee сайти маълум қилди, деб ёзади «Корреспондент.net».
Калифорнияни бўлиш ҳақидаги ташаббус 400 мингдан ортиқ имзо тўплаганлиги таъкидланмоқда. Мазкур ташаббус бўйича овоз бериш 2018 йилнинг 6 ноябрида бўлиб ўтади.
Ташаббус Калифорнияни учта штат: Калифорния, Шимолий Калифорния ва Жанубий Калифорнияга бўлишни кўзда тутади. Сан-Франциско ва Сакраменто Шимолий Калифорния, Сан-Диего, Фресно, Керн ва Ориндж Жанубий Калифорния таркибига киради. Калифорния эса Лос-Анжелес, Санта-Барбара ва Вентурани ўз ичига олади.
Ташаббус имзо йиғиш бўйича муваффақият қозонганлигига қарамасдан, сўровнома штат аҳолисининг 72 фоизи Калифорниянинг бўлинишига қарши овоз беришини кўрсатди. Аҳолининг 17 фоизигина ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр.
Бундан ташқари, ташаббус овозларнинг кўпчилигини тўплай олса ҳам, уни Калифорния ҳукумати Ассамблеяси, шунингдек, АҚШ Конгресси маъқуллаши керак бўлади.
Изоҳ (0)