Бир қарашда бундай саволни беришнинг ўзи ноўриндай туйилади. Бироқ қадимий ёдгорликлар ҳудудида амалга оширилаётган шаҳарсозлик ишлари Самарқанд тарихий қиёфасининг йўқ бўлишига олиб келмоқда. Ушбу мавзуда ЎзА махсус мухбири Ринат Абдулмановнинг таҳлилий мақоласи эълон қилинди.
Сўнгги вақтларда Самарқандда давлат муҳофазаси остида бўлган, ўтган даврга оид биноларнинг бузилиши ва бўшатилган ер майдонларида замонавий турар жой мажмуалари ва бошқа объектларнинг қурилиши ижтимоий тармоқларда кўп муҳокама қилинмоқда.
— Қадимий шаҳарнинг ўзига хослиги ҳақида 4300 гектар ҳудуддаги ёдгорликларнинг ЮНЕСКО бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилгани далолат беради, — дейди Самарқанд вилояти ёдгорликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш давлат назорати инспекцияси бошлиғи Майсара Набираева. — Бу нафақат архитектуранинг дунёга машҳур дурдоналари ва ислом маданияти ёдгорликлари, балки тарихий аҳамиятга эга турар жой комплекслари ҳамдир. Гап фақатгина Темурийлар даври ёдгорликлари ҳақида эмас. XIX ва ХХ аср бошларига оид Европа услубидаги бинолар ҳам Самарқандда кўп. Бу бизнинг маданий меросимизнинг бойлигидан далолат беради. Биз эса бу меросни асрашга бутун дунё олдида масъулмиз.
Бироқ сўнгги йилларда авж олган янги қурилиш ишлари натижасида ноёб ёдгорликлар хавф остида қолди. Самарқанднинг Европа услубидаги архитектура ёдгорликлари ўрин олган ҳудуд айниқса жабр кўрди. Майсара Набираеванинг сўзларига қараганда, шаҳар ҳукумати қурилиш учун ер майдонлари ажратаётганда ёдгорликларни муҳофаза қилиш давлат инспекциясининг фикри билан умуман ҳисоблашмайди. Жорий йилнинг ўзида ушбу ташкилот маҳаллий ҳукуматнинг 25 та қарорига нисбатан қаршилик билдирган. 8 та иш прокуратура томонидан кўриб чиқилмоқда. Йўл қўйилаётган қонунбузарликлар ҳақида Бош прокуратура ва лойиҳалаштириш институтлари огоҳлантирилган. Суд-тергов ишлари давом этмоқда. Ана шундай ишлардан бири мана 3 йилдан буён суд томонидан ўрганилмоқда.
— Шаҳар ҳукумати бизнинг мутахассисларни иш жараёнига жалб қилган тақдирда ҳам, уларнинг фикрлари ҳеч қачон инобатга олинмаган, — дейди Майсара Набираева. — Мисол учун, шаҳар халқ таълими бошқармасининг нураб бораётган, авария ҳолатидаги биноси ҳудудида, бу ернинг тарихий аҳамиятини ҳисобга олиб, 2 қаватдан юқори бўлмаган бинонинг қурилишига рухсат берганмиз. Бироқ бу ерда 7 қаватли турар жой мажмуасининг қурилиши аллақачон якунига етмоқда.
ЮНЕСКО талабларига асосан, кўп қаватли биноларни нафақат муҳофаза қилинувчи ҳудудларда, балки шундай ҳудудлар атрофидаги ерларда ҳам қуриш тақиқланади. Бироқ тилга олинган турар жой мажмуаси халқаро ташкилот томонидан рўйхатга олинган ҳудуднинг деярли марказида қад ростламоқда.
Тарихий иншоотлар яна бошқа йўл билан ҳам йўқ қилинмоқда. Қурилиш корхонаси аҳолидан эски уйларни сотиб олади ва ҳеч қандай рухсатсиз уларнинг ўрнида янги бинолар қуришни бошлайди. Бу ҳолатга қандай чек қўйиш мумкин?
Мутахассисларнинг фикрича, тарихий меросни сақлаб қолиш бўйича дастур қабул қилиниши ва унга амал қилиш мажбурий этиб белгиланиши зарур. Дастурни яратишда олимлар, архитекторлар, тарихчилар, дизайнерлар, ЮНЕСКО вакиллари иштирок этиши лозим.
Минглаб туристлар Самарқандга эртакнамо шаҳар гўзаллигидан баҳра олиш учун келади, аммо 10 йилдан кейин биз уларга нимани кўрсатамиз? Ҳозир кўплаб меҳмонхоналар қурилмоқда. Бироқ шаҳарсозлик ишлари давом эттирилар экан, Самарқанд ўзига хос қиёфасини йўқотади ва меҳмонхоналар ҳеч кимга керак эмас бўлиб қолади.
Изоҳ (0)