«Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Қарорга мувофиқ 2018 йил 1 августдан бошлаб алоҳида тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қуйидаги имтиёзлар берилди:
- давлат мулки объектларини «нол» қийматда сотиш бўйича ўтказиладиган танлов савдоларида битим тузиш бўйича устуворлик ҳуқуқи;
- давлат мулки объекти учун ижара тўловини энг кам ижара тўлови ставкасининг 50 фоизи миқдорида тўлаш.
Мазкур преференцияларни қўллаш тартиби Молия вазирлиги томонидан бир ой муддатда ишлаб чиқилиб тасдиқланади.
2018 йил 1 августдан бошлаб штатдаги ходимларининг 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан ташкил топган ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари корхоналари жами ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 4,7 фоиз миқдорда белгиланади.
2018 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти корхоналарига тегишли ишлаб чиқариш объектлари ҳолатини яхшилаш ва уларга бириктирилган ер майдонларидан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ чора-тадбирлардан иборат «Йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)