Фарғона вилоятининг 15 туманида «Обод қишлоқ» дастури асосида кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Дастур доирасида барча манбалар ҳисобидан жами 163,3 миллиард сўм маблағ сарфланади, деб ёзади ЎзА.
Фарғона туманидаги Миндонобод қишлоғининг 916 хонадонида истиқомат қилаётган 4 минг 176 нафар аҳоли учун қулай шароитлар яратилмоқда. Кишилар яшаш турмуш тарзини янада яхшилаш пухта ишлаб чиқилган «йўл харитаси»га асосан олиб борилмоқда. Ўнта ташкилот масъул этиб белгиланган бу харитада жами 6 миллиард 110,2 миллион сўмлик иш бажарилиши кўзда тутилган. Дастур асосида қишлоқда замонавий мактаб биноси, оилавий поликлиника ва учта мактабгача таълим муассасаси янгитдан қурилади.
Мададкор ва Байналмилал кўчаларидаги ички йўлларга шағал ётқизилмоқда. Маҳалла аҳли учун жиддий муаммо бўлиб келаётган бу масалани ҳал этиш учун етти километр йўлни жорий таъмирлашга 491 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
«Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам дастур асосида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. «Йўл харитаси»даги чора-тадбирлар туфайли, аввало, Марғилон кўчасидаги хонадонларнинг аксариятида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. 135 хонадоннинг фасад қисми таъмирланиб, уч километрлик сув тармоғи тортилмоқда. Айни пайтда маҳалланинг Тинчлик, Майдон, Хуррам, Илғор, Давр, Алишер Навоий кўчаларида йўлларни жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Олтиариқ туманининг Полосон ва Тинчлик қишлоқларидаги хонадонлар том қисми янгиланди, 444 хонадоннинг фасад қисми ва 384 дарвоза бўялди. Мазкур ҳудудларнинг саккиз километр қисмидаги ёғоч устунлар бетон устунларга алмаштирилди. 360 дона кўча чироғи ўрнатилди, 11 трансформатор таъмирланди.
Ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида 5,8 километр ичимлик суви тармоғи тортилди, учта сув минораси таъмирланди. Ҳудуддаги қишлоқлар аҳолисига хизмат кўрсатувчи 100 ўринли 89-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳам қайта реконструкция қилинди.
Тинчлик шаҳарчасидаги Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфидаги маданият саройи тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Маданият саройи саҳнида тез кунларда болалар аттракционлари, шунингдек, кичик деҳқон бозорчаси, маиший хизмат объектлари, китоб дўкони, интернет маркази фойдаланишга топширилади.
Изоҳ (0)