Россиялик авиаконструктор Виктор Толмачев 84 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда 7 июнь, пайшанба куни С.В.Ильюшин номидаги Авиация комплексининг бош директори Алексей Рогозин маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Бугун оғир хасталикдан кейин Ан-124 «Руслан» ва Ан-225 «Мрия» самолётларини яратган кишилардан бири, бош конструктор Виктор Ильич Толмачев ҳаётдан кўз юмди», — деб хабар қилган Рогозин.
Ан-124 «Руслан»—узоқ масофаларга парвоз қилиш учун мўлжалланган турбореактив юк ташувчи самолёт. Ан-225 «Мрия»нинг яратилишидан аввал айнан «Руслан» дунёдаги энг йирик юк ташувчи самолёт ҳисобланган.
1971 йили Толмачев Ан-124, 1985 йили эса 6 та двигателли Ан-225 «Мрия» лойиҳаларининг бош конструктори бўлган.
Толмачев, шунингдек, «Антонов» маркасининг барча самолётлари ва уларнинг модификацияларини (Ан-2, Ан-14, Ан-8, Ан-10, Ан-12, Ан-24, Ан-22, Ан-26, Ан-32, Ан-28) лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришда иштирок этган.
Изоҳ (0)