Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Президент Шавкат Мирзиёев «Ҳар бир оила — тадбиркор’ дастурини амалга ошириш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Қарорга мувофиқ, мамлакатнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури амалга оширилади.

Қуйидагилар Дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш;

Тадбиркорлик ва даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан шуғулланмаган аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тегишли фаолият турини ташкил қилишга амалий ёрдам кўрсатиш;

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтиришга амалий ёрдам бериш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш;

Касаначилик ва кичик ҳажмда ишлаб чиқарувчи субъектларни (микрофирмаларни) ташкил этиш учун молиявий ёрдам бериш орқали аҳолига қўшимча даромад ишлаб топиш имкониятини яратиш;

Қишлоқ ва маҳаллаларнинг ихтисослашувини (ҳунармандчилик, тикувчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини етиштириш, ихчам иссиқхоналар ташкил қилиш ва бошқалар) ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада ижобий натижаларга эришган ишбилармонлик тажрибасига эга тадбиркорларни маҳаллаларда янги бизнес фаолияти билан шуғулланишни бошлаган оилаларга бириктириш — мини-кластерлар ташкил этиш;

Жойларда оилавий тадбиркорликка кўрсатиладиган хизматлар кўламини тубдан кенгайтириш, тадбиркор оилаларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари савдосини ташкил қилувчи бозор инфратузилмаси объектлари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчаларини барпо этиш;

Қишлоқ ва маҳаллаларда бўш турган ер майдонларини янги ташкил этилаётган оилавий тадбиркорлик субъектларига бериш орқали аҳоли учун қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш;

Вақтинчалик молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаб, улар фаолиятини тиклаш ва қонунийлаштириш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш.

Қарор билан тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш тартибига аниқлик киритилди. Имтиёзли кредитлар:

Энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдорда — оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари;

Энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдорда — белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъэктларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;

Энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда — тадбиркорлик субъэктларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.

Молия вазирлигига суғурта ташкилотлари билан биргаликда тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитларнинг қайтмаслик хатари суғурталанганда суғурта тўловини 1,5 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш ҳамда суғурталаш шартларини енгиллаштириш чораларини кўриш топширилди.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фойдаланилмаётган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказиб, белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда бекор қилиниши ҳамда ушбу ер майдонларини дастур доирасида фаолиятини бошлаётган ва кенгайтираётган тадбиркорлик субъэктларига ажратиш юзасидан зарурий чоралар кўриш юклатилди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар