Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида ҳарбий-профессионал танлаш тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомга мувофиқ ишлаб чиқилган, дея хабар беради Norma.
Танлаш тадбирлари 1 июндан 25 июнга қадар ўтказилади. Бу вақтда абитуриентлар турар жой ва озиқ-овқат билан таъминланмайди.
Танлов қуйидагиларни ўз ичига олади:
Ҳужжатларни ўрганиш — қабул комиссиясининг тегишли аъзолари томонидан амалга оширилади. Абитуриент тақдим этган барча шахсий ҳужжатлар йиғмажилдда йиғилади ва белгиланган қоидалар бўйича текширилади;
Психофизиологик ўрганиш — тасдиқланган методика бўйича автоматлаштирилган психофизиологик комплекслар ёрдамида амалга оширилади. Ҳар бир номзод билан индивидуал равишда алоҳида хонада, қўлларига электродларни улаш ва улар орқали 10 дақиқагача кичик қувватли электр импулслар узатиш йўли билан ўтказилади. Хусусияти 5 баллик тизим бўйича баҳоланади;
Тиббий кўрикдан ўтказиш — махсус шакллантирилган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича шахснинг институтда ўқишга яроқлилиги даражаси тўғрисида хулоса чиқарилади. Ўқишга яроқсиз деб топилганлар кейинги танлаш тадбирларига қўйилмайди;
Ёзма иш (диктант) ўтказиш — номзоднинг орфографик ва пунктуацион саводхонлигини баҳолаш мақсадида тасдиқланган методикага мувофиқ диктант кўринишида ўтказилади. Диктантнинг мавзулари ва матнлари қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади. Ишлар қилинган хатолар ва тузатишлар сонига қараб 5 баллик тизим бўйича баҳоланади;
Компьютер техникасини ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаб олганлик даражасини текшириш — электрон тест синовлари йўли билан. 1,5 соатга (90 дақиқа) 50 та тест саволи берилади. Тестлар умумий ўрта, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади;
Якка тартибдаги якуний суҳбатни ўтказиш — қабул комиссияси аъзоларининг номзод билан суҳбати (савол-жавоб) шаклида ўтказилади. Саволлар номзоднинг етакчилик фазилатлари, ақлий қобилиятлари, дунёқарашини аниқлашга йўналтирилган бўлиши керак. Жами 3 та савол ва жавоб бериш учун 10 дақиқа берилади.
Ўтилган барча босқичлар натижалари бўйича тўпланган баллар умумлаштирилиб, ўртача арифметик балл чиқарилади. «3» ва ундан юқори баҳо олган номзодлар Давлат тест маркази 5 июлда ўтказадиган тест синовларини топширишга қўйилади.