Сурхондарё вилоятида жорий мавсумда 5 минг 100 тонна арзон ва сифатли балиқ маҳсулоти етиштириш мўлжалланмоқда, деб ёзади ЎзА.
«Сурхондарёбалиқсаноат» масъулияти чекланган жамиятидан олинган маълумотларга кўра, бу йилги мавсумда вилоятдаги 230 балиқчилик хўжалигидаги сунъий сув ҳавзаларида 2 минг 527 тонна, етти балиқчилик хўжалигида 1 минг 453 тонна балиқ етиштирилади. Иккита балиқчилик хўжалиги Вьетнам технологияси асосида барпо этаётган 6 гектар кичик сув ҳавзаларидан 600 тонна, битта ёпиқ сув айланма тизимидан 300 тонна ҳамда 570 гектар шоли майдонларидан 220 тонна балиқ маҳсулотлари олинади.
«Ишчи гуруҳи ташкил этилиб, жойлардаги балиқчилик хўжаликларини инвентаризация қилиш йўлга қўйилди. Балиқчилик лойиҳаларини ишга тушириш истаги бўлган ташаббускорлар таклифи ўрганилиб, тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда. Дастурга мувофиқ, бу йил вилоятда 470 гектар янги сунъий кўллар барпо этиш кўзда тутилган. Ҳозиргача Жарқўрғон туманида 33,8, Музработ туманида 18,1, Шўрчи туманида 10,6, Қизириқ туманида 6,5 гектар ер ажратилди», — дейди «Сурхондарёбалиқсаноат» масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Ф.Саттаров.
Вилоятда инкубация цехлари ташкил этиб, балиқ чавоқлари ишлаб чиқариш йўлида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда «Сурхон Агро Фиш пром КО» масъулияти чекланган жамиятининг йиллик қуввати 50 миллион дона бўлган инкубация цехида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. «Карп ҳавзаси» масъулияти чекланган жамиятининг йиллик қуввати 50 миллион дона бўлган инкубация цехи таъмирланиб, ишга туширилди.
Маълумотларга кўра, мавсумда мавжуд 5 минг 17 гектар табиий сув ҳавзаларини 510 минг дона балиқ чавоқлари билан балиқлантириш белгиланган. Ўтган даврда 3 минг гектардан ортиқ сув ҳавзасига балиқ чавоғи ташланди. 1 минг 113 гектар сунъий сув ҳавзаларининг минг гектарга яқин майдони 2 миллион 500 донадан ортиқ балиқ чавоғи билан балиқлантирилди.
Изоҳ (0)