Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Жаҳон банки вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Учрашувда Жаҳон банкининг Иқтисодий консултантлар кенгаши консултанти Дэнни Лейпцигер, банкнинг Марказий Осиё бўйича етакчи иқтисодчиси Хулио Ревилья, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги ходимлари иштирок этди.
Жаҳон банки Ўзбекистон Республикаси учун Иқтисодий кенгаш ташкил этишда кўмаклашишни режалаштирган. Ушбу Иқтисодий кенгаш учун техник топшириқни ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати билан ишлаш учун Жаҳон банки томонидан Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Кариб денгизи минтақаларида шундай кенгашларда ишлаб, бой тажриба орттирган Жаҳон банкининг собиқ вице-президенти, консултант Дэнни Лейпцигер ҳам ташриф буюрган. Дэнни Лейпцигер – Жорж Вашингтон университетида халқаро бизнес ва халқаро муносабатлар профессори, Тараққиёт масалалари бўйича мулоқотнинг бошқарувчи директори.
Учрашувда Жаноб Лейпцигер бундай кенгашларни ташкил этиш борасидаги халқаро тажриба ҳамда ушбу кенгаш томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ислоҳотлар дастури тўғрисида сўзлаб берди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини янада жадаллаштиришнинг асосий омиллари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)