Ҳукуматнинг 2018 йил 4 июндаги қарори билан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ходимлари учун узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида уй-жойлар қуриш дастури тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилмоқда.
Дастурга мувофиқ, 2018—2019 йилларда жами 335 та уй қурилади. Хусусан, қишлоқларнинг шаҳарларга яқин ҳудудларида 0,06 гектар ер майдонида намунали уй-жойлар барпо этилади. Шунингдек, арзон турдаги уй-жойлар учун 0,02 гектар ҳамда икки қаватли 4 хонали уй-жойлар 0,04 гектар ер майдони ажратилади.
«Қишлоққурилишбанк» АТБ ва бошқа тижорат банкларига уй-жойлар қурилиши учун 3 йиллик имтиёзли даврни инобатга олган ҳолда 15 йил муддатга ипотека кредитлари бериш тавсия этилди.
Бошланғич бадал 0,06 гектар ер майдонидаги уй-жойлар ва 0,04 гектар ер майдонидаги арзон турдаги икки қаватли 4 хонали уй-жойлар учун – 25 фоиз, 0,02 гектар ер майдонидаги арзон уй-жойлар учун эса 15 фоизни ташкил қилади.
Шу муносабат билан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитасига 10 кун ичида уй-жой бериш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш топширилган. Низом Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қайта ишлаш комплекси раҳбари билан келишган ҳолда тасдиқланади.
Изоҳ (0)