Урганч халқаро аэропорти «МДҲ даги энг яхши аэропорт» танловида 2017 йилдаги фаолияти натижалари бўйича «Аэропорт ривожига қўшган катта ҳиссаси учун» номинациясида ғолиб бўлди. Бу ҳақда Урганч халқаро аэропорти матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
«Аэропорт» фуқаролик авиацияси ассоциацияси томонидан ҳар йили ташкил этиладиган танловда Урганч аэропорти 2012 йилдан буён иштирок этади. Аэропорт 2012—2014 йилларда – «Ишлаб чиқариш ривожига қўшган катта ҳиссаси учун», 2015 йили — «МДҲ давлатларидаги энг яхши аэропорт», 2016 йилда — «Шиддат билан ривожланаётган аэропорт» ва «Туризм ривожига қўшган катта ҳиссаси учун» каби номинацияларда ғолиб бўлган.
Аэропорт жамоаси Ассоциациянинг Кубоги ва фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
2017 йили Урганч халқаро аэропортида 1567 та қатнов амалга оширилди. Аэропортда 282136 нафар йўловчи, шу жумладан, 43848 нафар хорижий сайёҳга хизмат кўрсатилди. Шунингдек, 16649 тонна юк, 11,141 тонна почта ва 14,305 тонна пуллик багаж жўнатилди.
Изоҳ (0)