Тошкент шаҳрининг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди, деб ёзади ЎзА.
Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Экоҳаракат депутатлар гуруҳи қатор ташкилотлар билан бирга ташкил қилган тадбирда парламент аъзолари, Экоҳаракат фаоллари, дипломатик корпус вакиллари, ота-оналар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Халқ таълими вазирлиги ва «Тонг юлдузи» газетаси таҳририяти ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Онажоним табиат» ижодий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда табиат манзаралари акс этувчи 100 га яқин иншо, шеър ва расмлар орасидан саралаб олинган ижодий ишлар муаллифларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Иқлим ўзгаришлари натижасида юз бераётган табиий офатларнинг олдини олиш, салбий оқибатларини камайтириш борасида Экоҳаракат қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда олий ўқув юртлари талабалари ва магистрлари ўртасида «Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя» танловини ўтказди. Тадбир доирасида ушбу танлов ғолиблари ҳам тақдирланди.
Байрам тадбирида XVI Республика экожурналистика танлови «Сув — бу ҳаёт» ғояси бўйича ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Medical express ихтисослашган тиббий илмий-амалий, ижтимоий реклама йўналишидаги нашри ҳамкорлигида «Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, тиббиёт ва экология» ижодий танловлари ғолиблари эълон қилинди. Ташкилотчилар томонидан уларга эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)