Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигининг вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси масъул котиби уй-жой масаласини ҳал қилиш учун пул талаб қилганда ушланди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Гулчеҳра Қурбонова ўзи яшаб турган уйи ҳамда синглиси ва қизининг хонадонларига эгалик ҳуқуқини олиш учун Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган. В.З. ўзини уй-жой масаласи бўйича масъул эканини айтиб, суд орқали эгалик ҳуқуқини бериш эвазига ҳар бир хонадон учун 200 АҚШ доллари сўраган. 2018 йил 29 май куни Гулчеҳра Қурбонова ИИБга мурожаат қилган.
Аризага асосан шу куни Самарқанд вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ИЖҚК департаментининг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси масъул котиби В.З. хизмат хонасида Г.Қурбоновадан 600 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.
ИЖҚК департаментининг Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)