Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Келес пости ходимлари заргарлик ва атторлик буюмларини ноқонуний олиб кириш ҳолатини фош қилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Олмаота-Нукус йўналиши бўйлаб келган поезд йўловчиларидан бири божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида ва божхона декларациясида маълум қилмай кумушдан ишланган 708 граммдан ортиқ заргарлик буюмларини олиб киришга урингани фош қилинди. 74 турдаги кумуш тақинчоқларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 14 миллион сўмдан ортади.
Айни шу поезднинг яна бир йўловчиси эса 14 турдаги 254 дона косметика ва парфюмерия воситаларини божхона назоратини четлаб олиб ўтишга уринган пайтда тўхтатиб қолинган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, божхона қоидабузарликлари ёки божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг 120-76-71 — «Ишонч телефони» рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.
Изоҳ (0)