Хавфсизлик соҳасидаги америкалик экспертлар «навбатдаги 11 сентябрь» ўта вайронкор кўламдаги киберҳужум бўлиши мумкин деб ҳисоблайди. Бу ҳақда CNBC хабар берди, деб ёзади «РИА Новости».
Таҳлилчилар фикрича, бу шаклдаги ҳодиса эртами-кечми аниқ юз беради ва у 11 сентябрь ёки Пирл-Харбор каби ўз номига эга бўлади.
«Одамлар билан қанчалик кўп суҳбатлашсам, навбатдаги Пирл-Харбор киберҳужум бўлишига шунчалик кўп ишонч ҳосил қилаяпман», — дейди профессионал хакер, кибер хавфсизлик бўйича эксперт Тара Уиллер.
У соғлиқни сақлаш соҳасидаги Америка инфратузилмасининг катта қисми жуда ёмон ҳимояланганлигини таъкидлаб ўтди.
Аксарият технологик компаниялар ва тадқиқотчилар Уиллернинг фикрига қўшилади. 2018 йилги Жаҳон иқтисодий форуми ҳисоботида киберҳужумлар глобал таҳдидлар рўйхатида об-ҳаво ҳодисалари билан боғлиқ муаммолардан сўнг учинчи ўриндан жой олган. Унда электр тармоқлари ва сувни тозалаш тизими каби инфратузилманинг муҳим элементлари хакерларнинг нишонига айланиши мумкинлиги маълум қилинади.
Изоҳ (0)