Шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги Амир Темур истироҳат боғи ҳудудида «Жасорат боғи» очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Жасорат боғи»дан БРДМ ва БМП-2 (десантчилар ва пиёдалар жанговар машинаси), БТР-70 (зирҳли транспортёр) ҳамда турли калибрдаги артиллерия қурилмалари ўрин олган.
«Келгусида ушбу боғ ҳудудида мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган қаҳрамонларга ёдгорлик ўрнатишни режалаштиряпмиз. Миллий қаҳрамонларимизнинг Ватан тинчлиги ва юрт келажаги учун кўрсатган жасоратини ўсиб келаётган ёш авлодга ибрат, намуна сифатида кўрсатиш учун мазкур жой ‘Жасорат боғи’ деб номланди. Келгусида бу ерда ҳарбий жанг санъатига оид экспонатлар кўргазмасини ташкил этиш, Хоразм вилояти ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда ўзбек халқининг миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ўрнатилишини мақсад қилганмиз. ‘Жасорат боғи’га ташриф буюрган ёш авлод миллий армиямизнинг қудратини, улуғ аждодлардан мерос бўлган матонат ва жасоратни қалбан ҳис этиб, тарих кўз ўнгида гавдаланишини ният қиляпмиз», — дейди ҳарбий округ масъули подполковник Алишер Ширинов.
Изоҳ (0)