Йилнинг биринчи чорагида Самарқанд вилоятида олтита автотранспорт воситасини олиб қочиш ҳолати қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан биттага кўпдир. Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари эса 30,3 фоиз (10 та)га кўпайган, деб ёзади ЎзА.
Бу маълумотлар халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг вилоят ҳудудида 2018 йил уч ойи давомида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, унинг сабабларини бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахборотида баён этилган.
Шунингдек, ахборотда ёзилишича, йилнинг биринчи чорагида вилоятда умумий жиноятчилик 34 фоиз (427 та)га, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 36 фоиз (300 та)га камайган. Жумладан, қасддан одам ўлдириш 35,3 фоиз (6 та)га, номусга тегиш 85,7 фоиз (6 та)га, безорилик 64,3 фоиз (9 та)га, қасддан баданга енгил тан жароҳати етказиш 73,3 фоиз (74 та)га камайишига эришилган. Профилактика тадбирлари туфайли вилоятдаги 1 086 та маҳалланинг 732 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.
Шу билан бирга айрим ҳудудларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди. Оқибатда Самарқанд шаҳри ва Пастдарғом туманида қотиллик жинояти биттадан кўпайган.
Изоҳ (0)