Ёшлар иттифоқи Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Жиноят Кодексининг 164-моддаси 2-қисми, «б» банди билан айбланган Суннат Шомуродовнинг жиноят иши бўйича ўтказилган судда жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Эндигина 23 ёшга тўлган С. Шомуродов Қарши туманида туғилган. У бир гуруҳ тенгдошлари алдовига учиб, қорамол ўғирлаш мақсадида босқинчилик жиноятини содир этган.
Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида С. Шомуродовнинг жиноят иши кўриб чиқилди.
Олий суд ва Ёшлар иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик меморандумига асосан суд жараёнида иштирок этган жамоат ҳимоячиси томонидан судланувчи С. Шомуродовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.
Суд айбдорнинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди ва судланувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залидан озод этилди.
Изоҳ (0)