Ёшлар ижодиёти саройида Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси томонидан ташкил этилган ҳунармандлик маҳсулотларининг «Олтинқўл ҳунарманд» халқаро кўргазмаси очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Кўргазманинг очилиш маросимида «Ҳунарманд» уюшмаси, Маданият ва Ташқи ишлар вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бадиий академия, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ходимлари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, уста-ҳунармандлар, хорижий давлатлардан келган ҳунармандлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Илк бор ташкил этилаётган мазкур халқаро кўргазмада республикадаги барча вилоятлардан 140 дан ортиқ ҳунарманд 34 йўналиш бўйича ўз маҳоратини намоён этмоқда. Кўргазма доирасида моҳир уста-ҳунармандлар томонидан ҳунармандчилик ва амалий санъатнинг барча йўналишлари бўйича маҳорат сабоқлари ҳам ташкил этилади. Унда турли ҳудудлардан келган ҳунармандлар иш жараёни билан бевосита танишиши мумкин. Бу каби кўргазмалар юртимиз ҳунармандлиги ривожи ва уни дунёга танитиш учун катта аҳамиятга эга.
Изоҳ (0)