Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов «Америка овози»га берган интервьюсида Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқ ҳимоя қилувчи ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолиятига изоҳ бериб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
«Очиқ айтишим керакки, биз Human Rights Watch фаолиятига тўсқинлик қилмаяпмиз. Уларнинг вакили Стив Свердлов (HRW Марказий Осиё бўлинмаси раҳбари) хабар қилишича, делегация беш марта мамлакатимизга келган ва тўсиқсиз ишлаган», — деди Русланбек Давлетов.
«Ваколатхонани давлат рўйхатидан ўтказишга келсак, бу ерда қонунчилик билан боғлиқ масалалар бор. Олий суд қарори ҳали ҳам кучдалиги боис даъво киритишга зарурат ва имконият йўқ. Лекин HRW ўз фаолиятини тўсқинликларсиз олиб бормоқда», — қўшимча қилди вазир.
Айни пайтда вазир Human Rights Watch ваколатхона очиш устида иш бошлаши мумкин-мумкин эмаслиги борасида аниқ жавоб айта олмади.
«Ҳозир ҳа ёки йўқ дея олмайман, бу ташкилот билан боғлиқ барча ҳужжатларни кўтариш керак, шу боис жавоб беришга шошилмаслик лозим», — тушунтирди у.
Изоҳ (0)