Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида «Намунали ҳарбийлар оиласи» кўрик-танловининг якунловчи босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда кўрик-танловнинг ҳарбий округ ва унга тенг бўлган бирлашмалар ҳамда олий ҳарбий таълим муассасалари миқёсида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этди.
Танлов иштирокчиларининг ҳар бир чиқишини Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси эксперт маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова бошчилигидаги ҳакамлар ҳайъати баҳолади.
Кўрик-танлов уч босқичдан иборат бўлиб, ҳарбий оилалар «Мустаҳкам оила – жамият таянчи» номли биринчи шарт қоидаларига асосан миллий рақс, шеър, қўшиқ ва ижрочилик санъати орқали ўзларини таништирди.
Якуний натижаларга кўра, сержант Фарҳоджон Ҳудойқуловнинг оиласи (Тошкент ҳарбий округидан) мутлақ ғолиб дея эътироф этилди. Иккинчи ўринни кичик сержант Бобомурод Нуратовнинг оиласи (Шарқий ҳарбий округидан) эгаллади. Учинчи ўринга капитан Ҳамиджон Очилдиев бошчилигидаги оилага (Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртидан) насиб этди. Ғолибларга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом, фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, тадбирда фаол қатнашган ҳарбийлар оилалари «Мухлислар меҳрини қозонган ҳарбий оила», «Актёрлик маҳорати ривожланган ҳарбий оила», «Энг аҳил ҳарбий оила», «Энг қувноқ ва зукко фарзандлар оиласи» ҳамда «Энг маърифатпарвар оила» каби номинациялар бўйича тақдирланди.
Шунингдек, шу кунларда Қуролли Кучлар давлат музейида Мудофаа вазирлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассисларнинг ўқув-услубий йиғини бўлиб ўтмоқда.
Унда вазирлик қўшинларидаги мутахассислар билан замонавий ўзбек оиласи, унинг ўзига хос ҳусусиятлари, оилалар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оила мустаҳкамлигини таъминлашда маҳалла институтининг ўрни каби долзарб мавзуларда семинар машғулотлари ўтказилмоқда. Йиғин дастуридан, шунингдек, иштирокчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари учун Ўзбек Миллий академик драма театрига ташриф уюштириши ўрин олган.
Изоҳ (0)