Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конгодаги эпидемиологик ҳолатдан хавотирда эканини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар қилди.
Конгода Эбола вируси билан зарарланишнинг 44 та ҳолати қайд этилди. Улардан учтаси Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари томонидан текширилган.
«Воқеаларнинг бундай ривожланиши хавотирларга сабаб бўлмоқда, бироқ ҳозир Эбола вирусига қарши самаралироқ курашиш учун барча имкониятларга эгамиз», — дея Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебреесус ташкилот сайтида 17 май, пайшанба куни эълон қилинган хабарида маълум қилган.
«Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз ҳамкорлари билан биргаликда вируснинг кейинчалик тарқалишининг олдини олиш учун барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда», — дейди Гебреесус.
Аввалроқ Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Конгога вакцинанинг 5 мингдан ортиқ дозасини юборган.
Вирус Конгодаги Эбола дарёси атрофидан аниқланган. Хасталикнинг дастлабки белгилари гриппни эслатади. Вирус геморрагик безгак, бош оғриғи, ич кетиши, кўнгил айниши, буйрак ва жигар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради. Айрим беморларда ички ва ташқи (кўз ва милклардан) қон кетиши кузатилиши мумкин.
2013 йили декабрда 28,6 минг киши Эбола вирусини юқтирган. 11,3 минг ўлган. Қурбонларнинг асосий қисми Гвинея, Либерия ва Серра-Леоне ҳудудларида қайд этилган.
Изоҳ (0)