АҚШ президенти Дональд Трамп ОАВни Оқ уйдан маълумотларнинг сизиб чиқиши билан боғлиқ янгиликларни бўрттириб ёритишда айблади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
«Оқ уйдан маълумотларнинг сизиб чиқиши нотўғри хабар тарқатувчи ОАВ томонидан бўрттириб кўрсатилмоқда, улар биз ҳақимизда имкон қадар салбий тасаввур яратишмоқчи. Оқ уй маълумотларини тарқатувчилар хоин ва қўрқоқлардир, биз улар ким эканини барибир билиб оламиз!», – деб ёзган Трамп ўзининг Twitter саҳифасида.
Ўтган ҳафтада ОАВда президент маслаҳатчиси Келли Седлернинг саратон касалига чалинган сенатор Жон Маккейннинг устидан ҳазил қилгани ҳақида маълумот тарқалган.
Маълум бўлишича, «ҳазил» Жина Хаспелни Марказий разведка бошқармаси раҳбари этиб тайинлаш бўйича ўтказилган ёпиқ йиғилишда айтилган. Седлер, хабар беришича, Маккейннинг фикрига қулоқ тутиш керак эмаслиги, сабаби у «барибир ўлаётгани»ни маълум қилган. Таъкидланишича, Трампнинг маслаҳатчиси ҳазил қилмоқчи бўлган, бироқ йиғилишда қатнашаётганлар бундай ҳазилни тушунмади. Шундан сўнг Седлер сенаторнинг қизи Меган Маккейнга қўнғироқ қилиб, узр сўраган.
Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс ходимларини Седлернинг «ҳазил»и билан боғлиқ воқеани жамоатчиликка ошкор қилинганида айблаган.
Эслатиб ўтамиз, сенатор Жон Маккейнга бош мия саратони ташхиси қўйилган.
Изоҳ (0)