Тошкент шаҳар ҳокимлиги байрам кунлари уюштириладиган мушакбозлик шоуларининг сонини ва сифатини ошириш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда ҳокимлик сайтида маълум қилинди.
«Тошкент шаҳар ҳокимининг пойтахт аҳолиси билан бўлиб ўтган мулоқотида йиғилганлар томонидан ҳар қандай тадбирнинг кўрки бўлмиш байрам мушакбозлигини янада гўзал ва хилма-хил қилиш, пойтахтимиз ҳудуди катталигини ҳисобга олиб шаҳарнинг беш-олти жойида ушбу тадбирни амалга ошириш таклифи билдирилди», — дейилади хабарда.
Сайтга келиб тушаётган фикрларнинг асосий қисми ҳам айнан шундай мазмунда. Ушбу таклифларни ўрганиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда ўтказиладиган келгуси байрамларда отиладиган мушакларнинг сифатини ва гўзаллигини, замонавий шаклларда акс этишини халқаро даражага кўтаришни ва отиладиган мушакларнинг сонини сезиларли даражада оширишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлари мушакбозликдан баҳра олиш имкониятига эга бўлиши учун пойтахтнинг бир нечта ҳудудларида ўтказилиши кўриб чиқилмоқда.
«Пойтахтимизда бўлиб ўтадиган ҳар бир байрамларда, сиз азиз шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларига ўзгача бир кайфият бағишлаш мақсадида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги бор имкониятини ишга солади», — дейилади эълонда.
Изоҳ (0)