Ўзбекистон ҳудудларидаги хонадонлар фермер хўжаликларига бириктирилган бўлиб, мулкдорлар томорқа эгаларига ҳар жиҳатдан кўмаклашмоқда. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, бунинг учун аҳоли хонадонлари ва деҳқон хўжаликларида қиёсий хатлов ишлари амалга оширилиб, ҳар бир хонадон бўйича маълумотномалар расмийлаштирилган. Хатлов жараёнида аҳолининг экин турларини жойлаштириш бўйича таклифлари ўрганилиб, фермер хўжаликлари билан ҳамкорлиги келишилган.
Мамлакатнинг барча ҳудудларида бу борада кенг миқёсдаги вазифалар бажарилмоқда. Мисол учун, Андижон вилоятда 15 мингдан кўпроқ фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Уларга 11,1 мингтадан ортиқ оила бириктирилган бўлиб, умумий экин майдони 5,59 гектарни ташкил этади. Ҳозирда 2,95 гектарга турли қишлоқ хўжалиги экинлари экиш учун 1,9 минг килограммдан зиёд турли экинларнинг уруғи ва 18,9 мингтадан зиёд мевали дарахт кўчатлари тарқатилди.
Бу эса томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, экспортбоп маҳсулот етиштириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда қўл келмоқда. Шунингдек, томорқа эгалари ва фермерлар ўртасида занжирсимон ҳамкорликни ривожланишини таъминламоқда.
Изоҳ (0)