3 май куни «Дарё» орқали Шерали Жўраевнинг Самарқандда 3 май куни ўтиши керак бўлган концерти қолдирилгани ҳақида хабар берилган эди. Бугун, 4 май куни хонанданинг маъмури Ғайрат Шокиров билан боғланиб, мазкур ҳолатга аниқлик киритдик.
Ғайрат Шокировнинг «Дарё» сайтига маълум қилишича, концерт дастури тадбир ташкилотчилари ҳисобланмиш «Ал Расул Садо» томонидан концертни ўтказиш бўйича қўйилган талаблар тўлиқ амалга оширилмагани ва техник етишмочиликлар сабаб уларнинг илтимосига кўра қолдирилган.
«Биз халқимизнинг севимли ҳофизи Шерали Жўраев самарқандлик мухлислар учун жонли ижрода ажойиб концерт дастурини режалаштирган эдик. Узоқ кутилган дастурни чиройли тарзда ўтказишимиз учун катта тайёргарлик ҳам кўрдик. Аммо ташкилотчиларнинг илтимосига кўра, концерт ўтказилиши учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тайёр эмаслиги сабабли концерт қолдирилди. Режага кўра тўртта янги дастур асосида Самарқандда концерт беришни мақсад қилганмиз. Насиб қилса 28 июнда Самарқандда устоз хонанда ижросида ажойиб концерт ўтказилади», — дейди ҳофизнинг маъмури.
Эслатиб ўтамиз, 3 май санасида ўтказилиши лозим бўлган концерт дастуридаги чипталар 28 июнда бўладиган концертга кириш учун ҳам амал қилинишини концерт ташкилотчилари мухлисларга билдирган.