Швед академияси ўзининг охирги мажлисида адабиёт бўйича 2018 йилги Нобель мукофотини 2019 йили беришини маълум қилди. Бу ҳақда академия пресс-релизига таяниб,«ТАСС» хабар берди.
Академия 2018 йилги Нобель мукофоти совриндори 2019 йил ғолиби билан биргаликда эълон қилинишини маълум қилди. Шу вақтга қадар академия 7 марта – 1915, 1919, 1925, 1926, 1927, 1936 ва 1949 йилларда ҳеч ким мукофотга лойиқ топилмаганини эълон қилган.
Бу йилги қарорини академия ўз аъзолари сонининг қисқаргани ва бутун дунёда унга нисбатан бўлган ишончнинг сусайгани билан изоҳлаган.
«Номзодни аниқлаш ишлари одатдагидек йил мобайнида олиб борилади, бироқ академия кейинги совриндорни эълон қилишига қадар ўз кучларини тиклаши, фаол аъзоларни кўпайтириши ва яна жамоатчиликнинг ишончини қозониши учун бироз вақт керак», — дейилади муассасанинг пресс-релизида.
Қоидаларга асосан академияга янги аъзолар қабул қилиш учун 12 кишининг овоз бериши талаб этилади. Нобель мукофотини бериш учун эса 8 киши овоз беради ва кўпчилик маъқуллаган номзод совриндор деб топилади. Ғолиблар номини олдиндан ошкор қилиш билан боғлиқ жанжалдан кейин академияда адабиётшунослардан 11 та аъзо қолган.
Изоҳ (0)