Шарқий ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан уруш қатнашчиси Ғанижон бобо Аҳмаджоновнинг уйи оқлаб берилди. Бу ҳақда «Дарё»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда Ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши фаоллари Ғанижон бобо хонадонида меҳмон бўлди.
Қува тумани Юқориқўрғонча қишлоғида туғилиб, камол топган Ғанижон Аҳмаджонов 1939 йилда, 18 ёшида урушга отланди. Собиқ аскар Сталинградда, Воронежда, Украина шаҳарларида бўлган жанггоҳларда фашизм билан курашди. Ғанижон бобо ўтган вақт ичида қанча-қанча уруш даҳшатларини қувалик Жўрабой Исаков, тошлоқлик Абдуллажон Қорабоев, Охунбобоев қўрғонидан Марайим Раҳматов каби дўстлари қаторида бошдан кечирди. Улар ҳозир орамизда йўқ. Бироқ фашизм устидан қозонилган муҳим ғалабада уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳиссалари катта.
Ҳарбийлар уруш қатнашчисини яқинлашиб келаётган байрам билан қутлади. Уй-рўзғор ишларида ёрдам берди. Дарахтлар ва уйни оқлади. Ғанижон бобо ҳарбийларнинг ҳайрли ишидан миннатдор бўлди.
Изоҳ (0)