2 май куни МТРК Медиа-маркази биносида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги Фармони муҳокама қилинди.

Фото: «OknaNaGoda.com»

«Давергеодезкадастр» қўмитаси бўлим бошлиғи Мирвосил Агзамов «Дарё» мухбирининг саволига жавоб берар экан, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида ноқонуний тарзда ўзлаштирилган ерларда барпо этилган қурилмаларга мулк ҳуқуқи эътироф этилмаслигини маълум қилди:

«Фармон лойиҳасида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги ноқонуний қурилмаларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилиши кўзда тутилмаган. Ҳужжат кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида қуриб олинган уйларга нисбатан татбиқ этилмайди, у фақат якка тартибда уй-жой қуриш учун мўлжалланган ерларга нисбатан амал қилади».

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексига кўра, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги умумий фойдаланишда бўлган ерлардаги ноқонуний қурилмаларга ҳеч қандай тартибда мулк ҳуқуқи берилмайди.