Қарши давлат университети тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва ҳудудлардаги олий таълим муассасалари тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида Қарши давлат университети тузилмасида музей ташкил этилмоқда. Музей Қарши шаҳридаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳида жойлашади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли кўрсатмалари билан республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган ушбу музейларда «Совет давлати қатағон сиёсатининг бошланиши (1926—1936)», 1937—1938 йиллардаги «Катта қирғин» оқибатлари, «1940—1950 йилларда Ўзбекистон жанубида амалга оширилган сиёсий қатағонлар», «1980 йиллардаги қатағон», «Пахта иши» кампанияси ўз аксини топади. Ўз навбатида, юрт тинчлиги учун жонини аямай курашган ватандошлар номи абадийлаштирилади.
Айни пайтда Қарши давлат университети тузилмасида ташкил этилаётган ушбу музейга шўро ҳукумати даврида қатағонга учраган ўзбекистонликларнинг фотосуратлари ва улар ҳақида маълумотлар (таржимаи ҳол, ҳужжатлари) ҳамда буюмлар қабул қилинмоқда.
Изоҳ (0)