АҚШ давлат котибининг Европа ва Евросиё масалалари бўйича ёрдамчиси Уэсс Митчелл Россия 2008 йили Грузияга киритган қўшинларини олиб чиқиб кетиши лозимлигини маълум қилди. Бу ҳақда, Грузиянинг 1TV телеканалига таяниб, «РБК» хабар берди. Митчеллнинг фикрича, Вашингтон 2008 йили ўзини Тбилисидан мустақил деб эълон қилган Абхазия ва Жанубий Осетиянинг чегараларини тан олмайди.
«10 йил илгари уруш бўлган. Мен Россияга дунё ҳамжамияти бўлиб ўтган воқеаларни унутмаганини айтгани келдим. Биз буни чегара деб тан олмаймиз. Биз шу чегаранинг нариги тарафида яшайдиган грузияликларнинг хавфсизлиги борасида ташвишдамиз», — деди Митчелл.
Давлат котибининг ёрдамчиси Россия 2008 йили урушни тўхтатиш ҳақидаги келишувда бўйнига олган мажбуриятларини бажаришини талаб қилди. Митчелл АҚШ эндиликда Россиянинг бошқа давлатлар ишларига аралашишига қарши туришини маълум қилди.
Митчелл Тбилисига НАТО-Грузия халқ дипломатияси Форуми доирасида ташриф буюрган. У Грузиянинг Альянс ҳарбий блокига қўшилишини маълум қилди. Бу ҳақда 2008 йили Бухарест саммитида ҳам таъкидланган эди.
Изоҳ (0)