Андижонга Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан педагог ҳамда ўқувчилардан иборат делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўзбекистондаги таълим жараёнлари билан танишиш, таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида ташриф буюрган Ўш вилояти Қорасув туманидаги 80-ўрта таълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчи ва ўқувчилари Андижон шаҳридаги 30-умумтаълим мактабида бўлиб, мактабда таълим-тарбия борасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар, дарс жараёнларини бевосита кузатди. Меҳмонлар мазкур билим даргоҳида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш борасидаги ишларга юқори баҳо берди.
«Ушбу мактабда ўқувчиларнинг билим олиши учун яратилган шароитлар, умуман, Ўзбекистонда таълим тизимига кўрсатилаётган эътибор жуда юқори эканлигига гувоҳ бўлдим, — дейди мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Мақсудахон Ҳасанова. — Ўзбекистонлик ўқувчиларнинг фаол ва билимдонлиги, фанларни яхши ўзлаштиргани, шубҳасиз, ана шу эътиборнинг самарасидир».
Икки қўшни давлат мактаб жамоалари учрашувида ўқувчиларнинг қўл буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Қардош халқлар ўртасидаги дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилиб, баскетбол ва волейбол бўйича спорт мусобақалари ўтказилди.
Жамоалар келгусида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишиб олди.
Изоҳ (0)