27 апрель куни Ўзбекистон Адвокатлар палатасида Адлия вазирлиги ва «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасининг ривожланишининг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда адвокатуранинг роли» мавзуида семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га Адвокатлар палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган адвокатлар, Адлия вазирлиги, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Тошкент давлат юридик университети, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Адвокатлар палатаси раҳбари Садиков Шуҳрат Шавкатович тадбирни очар экан, унинг иштирокчиларини очиқ мулоқотга чорлаб, тадбирни конструктив суҳбатлар тарзида ўтишига умид билдирди.
Ушбу тадбирда сўзга чиққанлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг қонунчилик ташаббусига асосан Жиноят-процессуал кодексининг 87-моддасига адвокатнинг суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан иш материалларига қўшиб қўйилиши, текширилиши ва баҳо берилиши шарт бўлган далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқи билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилганини, адвокатура институти суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда муҳим ўрин тутишлиги, хусусан адвокатура ҳам фуқаролар ҳам тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоясини таъминлашда бевосита иштирок этишлиги, адвокатурани институционал ривожлантиришда янги замонавий инновацион механизмларни жорий этиш, адвокатурани ривожлантиришда тўсқинликларни енгиб ўтиш юзасидан замонавий таклифлар бериш, хорижий инвесторларни мамлакатимизга жалб қилишда адвокатуранинг ролини ва инвесторларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари тўғрисида фикр мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда адвокатларининг «про боно», яъни аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тажрибасини барча ҳудудларда кенг тарғиб этиш ва қўллаш зарурлиги, ҳамда ҳозирги пайтда маҳалла қўмиталарида турли ҳуқуқий масалаларни ечишда оғзаки маслаҳат ва тавсиялар, ҳуқуқий ҳужжатларни тузиш бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилаётгани семинарда алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Изоҳ (0)