Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир ва журналист Азим Суюн Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилиб ўсган. Шу боис унинг 70 йиллиги тантаналари аввало ушбу заминда кенг нишонланди, деб ёзади ЎзА.
Пайариқ тумани марказидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган тадбирда пойтахтдан ташриф буюрган ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, минглаб паяриқликлар иштирок этди. Учрашувда Азим Суюннинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида унинг сафдошлари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва олимлар сўз юритди.
Туман ҳокими А. Жўраев шоирни қутлуғ ёши билан табриклади. Шундан сўнг тадбирлар Азим Суюн ўқиган 39-умумтаълим мактабида давом этди.
Маданий-маърифий тадбирлар 27 апрель куни Самарқанд шаҳрида давом этди. Дастлаб ижодкорлар шаҳардаги Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Шундан сўнг ўтказилган ижодий кечада Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р. Қобилов сўзга чиқиб, Азим Суюнни табриклади ва вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғаларини топширди.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби И. Ғафуров, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, адабиётшунос олимлар Қ. Йўлдошев, С. Умиров ва бошқалар серқирра ижодкор Азим Суюн шеърияти, унинг журналистик фаолияти ҳақида сўз юритди.
Изоҳ (0)