Фарғона туманидаги 25-болалар мусиқа ва санъат мактаби эшигига қулф осилган, негаки чўкиш ва ўпирилиш натижасида бинога жиддий шикаст етган, деб ёзади ЎзА.
Вилоятнинг чекка ҳудуди Аввал қишлоғида 2013 йилда барпо этилган мазкур болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси лойиҳаси «Фарғонакоммуналфуқароқурилиш» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган ва қурилиш ишларига 2 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Бунёдкорлик ишларини «Чин-А» хусусий фирмаси қурувчилари амалга оширган. Албатта, кўркам ва замонавий бу бинога барча ҳавас билан қараган эди. Афсуски, бу ҳавас ва қувонч узоққа чўзилмади. Кўп ўтмай янги бинода ёриқлар пайдо бўлиб, бино чўка бошлади. Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Мактаб ҳудудидаги ер ости сувларининг гидрогеологик ҳаракати натижасида асос грунтида ўпирилишлар вужудга келган. Шунингдек, сочсимон ёриқлар мусиқа залининг бўйлама ва кўндаланг деворлари кесишган жойларида ҳам вужудга келган. Вилоят давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясининг 2017 йил 13 июлдаги мазкур мактаб биносининг техник ҳолати бўйича хулосасида шундай дейилади: «Аввал қишлоғи ҳудудида тикланган 25-мусиқа мактаби атрофидаги асос грунтининг ер ости булоқлари сувининг тўпланиши натижасида ўпирилиши табиий офат сифатида қаралиши лозим».
Ер ости сувлари ҳаракатини бинога зарарсиз ҳолатга келтириш учун очиқ дренаж қувури қазилиши ва бошқа конструктив тадбирлар амалга оширилиши бўйича мутахассислар томонидан тавсиялар берилган бўлиб, айни пайтда бинодан фойдаланилаётгани йўқ.
Мазкур мактаб ўқувчилари дарс машғулотларини қишлоқдаги транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг ётоқхонаси биносида вақтинча ўтамоқда. Бу ерга яқинда Нилуфар Болтабоева янги раҳбар этиб тайинланган. Унинг таъкидлашича, 200 га яқин бола ўн йўналишда мусиқа ва санъат сирларини ўрганмоқда. Ўқувчилар орасида истеъдодли ёшлар кўп.
Янги санъат масканининг бундай ҳолатга тушгани барчанинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Мактаб маъмурияти мазкур масала бўйича бир қатор идораларга мурожаат қилган. Аммо улардан ҳали-ҳамон амалий жавоб йўқ.
Мазкур болалар мусиқа ва санъат масканининг кейинги тақдири нима бўлади? Давлатнинг миллиардлаб сарфланган пули эвазига қад кўтарган маскан шундай ҳолда чўкиб ётаверадими? Нашр бу борада мутасаддилардан жавоб кутиб қолишини маълум қилади.
Изоҳ (0)