Россиянинг «Биринчи канал» ва «Россия 1» каналлари Суриядаги кимёвий ҳужум саҳналаштирилганлиги исботи сифатида бадиий фильмнинг саҳна ортидаги кадрларини тақдим этди, деб ёзади TJournal.
Суриялик режиссёр Хумам Хусари томонидан суратга олинган картина 2013 йилги бошқа кимёвий ҳужумга бағишланган эди.
22 апрель куни «Биринчи канал»даги янгиликлар бошловчиси Ғарб сиёсатчилари ва матбуоти Думада ҳеч қандай ҳужум бўлмаганлигининг «очиқ-ойдин далиллари»ига эътиборсизлик қилаётганлигини маълум қилди. Бу пайтда эфирда Суриядан бошқа суратлар билан биргаликда бадиий фильмдан кадрлар намойиш этилди.
Дмитрий Киселёв билан «Вести недели» кўрсатуви ҳам шу куннинг ўзида худди шу кадрларни кўрсатди. Бироқ «Россия 1»даги репортажда Фарес Муҳаммад Майяснинг баёноти ҳам бор эди. Журналистлар Фарес кимёвий ҳужумни ёзиб олган суратга олиш гуруҳининг иштирокчиси эканлигини маълум қилди.
Ҳар иккала ҳолатда федерал каналлар режиссёр Хумам Хусарининг бадиий фильмини суратга олиш жараёни кадрларидан фойдаланган.
Изоҳ (0)